50 нафар ёш IT-мутахассислар “Beeline Uzbekistan”дан грантлар ютиб олишди
4 октябрь куни Astrum Академиясида телеком соҳасида Ўзбекистондаги энг йирик хорижий инвесторлар ва солиқ тўловчиларидан бири бўлган “Beeline Uzbekistan” компанияси Ўзбекистоннинг турли ҳудудлари, жумладан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти, Самарқанд, Жиззах, Навоий, Андижон, Фарғона, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасидан 50 нафар талабага «Киберхавфсизлик бўйича мутахассис» курсида ўқиш учун 1 миллиард 200 миллион сўм миқдорида грантлар ажратди.
Грант олиш учун республиканинг барча ҳудудларидан жами 300 дан ортиқ ариза топширилди, бунда номзодларнинг ўртача ёши 23 ёшни ташкил этди. "Astrum IT Академияси" мутахассислари ва digital-операторнинг киберхавфсизлик бўйича экспертлари жамоаси томонидан рақобатли танловдан ўтган 50 нафар энг яхшилар орасида 6 нафар қизлар борлиги эътибога лойиқ, бу ўзбекистонлик ёш аёллар орасида IT касблари тобора оммалашиб бораётганидан далолат беради. Тошкент шаҳридан грант ғолиби Айша Абатова шундай деди: «Мен яқинда фаолият соҳамни ўзгартирдим: робототехника ўқитувчиси сифатидаги 3 йиллик тажрибам ва филолог сифатида таълим олганимдан сўнг, бу қизлар учун иш эмас, деган даъволарга қарамай, дастурлашга қайтдим. Мен бошқаларга қулоқ солмаганимдан ва киберхавфсизлик курсига қўшилганимдан жуда хурсандман!»
«Бизнинг ташаббусимизни қўллаб-қувватлагани учун "Beeline Uzbekistan"га самимий миннатдорчилигимизни билдирамиз ва бу ҳамкорлик Ўзбекистонда IT соҳасини ривожлантириш ва ёш истеъдодларга юқори сифатли таълим беришда ёрдам беришига ишонамиз. Бизнинг ягона мақсадимиз — глобал IT майдонида рақобатлаша оладиган мутахассисларни тайёрлаш. Биз шундай зўр талабалар билан ишлаш имкониятига эга бўлганимиздан фахрланамиз ва Beeline Uzbekistan'га ушбу муҳим лойиҳани қўллаб-қувватлагани учун миннатдормиз», — дея таъкидлади "Astrum IT Академияси" асосчиси Ботир Орифжонов.
Марказий Осиёдаги биринчи ва ягона IT академияси ҳамда дастурлаш соҳасида ўқитиш бўйича етакчи бўлган Astrum IT Академиясида «Киберхавфсизлик бўйича мутахассис» курси доирасидаги тренинглар 9 октябрдан 24 ноябргача онлайн ўтказилади.
Ўқувчилардан бири, Қорақалпоғистон Республикасидан Диёрбек Собиров (19 ёш) шундай деди: «Мен 5-синфдан бошлаб дастурлашга қизиқаман, ҳозирда дастурий инжиниринг йўналишида ўқийман ва «computer science» соҳасида олим бўлишни орзу қиламан. Ишончим комилки, ушбу курс менга киберхавфсизлик соҳасида мутахассис бўлиб етишишимга ва ушбу мавзуни чуқур ўрганишимга ёрдам беради».
Амалий хавфсизлик, OSINT – очиқ манба асосида разведка, компьютер тармоқлари ва хавфсизлик, PYTHON дастурлаш ва ахлоқий хакерлик каби турли модулларни ўз ичига олган дастур якунида курс битирувчиларига сертификатларни топшириш маросими ўтказилади. Ўқишни тамомлагандан сўнг 5 нафар энг яхши талаба “Beeline Uzbekistan” ахборот хавфсизлик бўлимида амалиёт ўташ дастури доирасида кўриб чиқилади.
«Ўзбекистон иқтидорли ёшлар борасида улкан салоҳиятга эга ва биз уларни таълим соҳасида, айниқса, ахборот технологиялари соҳасида қўллаб-қувватлаётганимиздан фахрланамиз. "Astrum IT Academy"даги ушбу курс IT соҳасида инсон ресурсларини ривожлантиришга қаратилган узоқ муддатли ташаббусимизнинг бошланиши, холос. Ишончимиз комилки, ўзбекистонлик ёш мутахассислар нафақат мамлакатнинг рақамли иқтисодиёти ривожига салмоқли ҳисса қўшишлари, балки бутун дунё бўйлаб талаб қилинадиган мутахассисларга айланишлари мумкин», — деди "Beeline Uzbekistan" бош директори Анджей Малиновски.