Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Молия 13/03/2017 4 минг 970 нафар ҳуқуқбузарларга 1,2 млрд. сўмлик жарима белгиланди
4 минг 970 нафар ҳуқуқбузарларга 1,2 млрд. сўмлик жарима белгиланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Қарши шаҳар Давлат солиқ инспекциясининг маълумотига кўра, 2016 йил мобайнида 459 та шаҳобчада савдо қоидасига риоя қилиниши юзасидан қисқа муддатли текширишлар ўтказилиб, уларнинг барчасида назорат-касса машинасидан фойдаланмасдан 932,2 млн. сўмлик савдони амалга оширгани, 93 та ҳолатда 260,8 млн. сўм нақд пул маблағини банк кассасига топширмаслик, 166 та ҳолатда ҳисоб-китоб терминалида тўловларни қабул қилмаслик, 143 та ҳолатда эса 220,8 млн. сўмлик кирим қилинмаган товарларни сотиш аниқланган.

Бу ҳақида Халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилишида алоҳида таъкидланди.

Йиғилишда давлатимиз раҳбарининг “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг ижросини таъминлаш юзасидан Қарши шаҳар Давлат солиқ инспексияси маъсул ходими Б.Абдурахмоновнинг ҳисоботи тингланди.

– Назорат органлари томонидан ўтган йил мобайнида 32 та хўжалик юритувчи субъектларда режадан ташқари текшириш ўтказилган, – дейди Б.Абдурахмонов. – Текширишда жами 4,9 млрд. сўмлик солиқлар қўшимча ҳисобланган. 641,2 млн. сўмлик молиявий жарималар қўлланилди. Шундан 9 та хўжалик юритувчи субъектларда ўтказилган текшириш материаллари ҳуқуқни мухофаза қилувчи органларга юборилди. Мазкур Фармон эса тадбиркорлик субъектлари фаолиятини амалда тўлиқ рўёбга чиқишига янги имкониятлар яратди. Фармонга кўра, жорий йилнинг 1 январдан тадбиркорлик субъектларини режадан ташқари текширишларнинг барча турлари бекор қилинди.

Йиғилишда шунингдек, Фармонда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини, жумладан, жиноят ишлари доирасидаги муқобил текширишларнинг барча турлари бекор қилиниши белгилаб берилгани, хусусан, 2016 йил давомида 19 та муқобил текширишлар ўтказилгани қайд этилди.

– Давлат солиқ хизмати органлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 264-моддасига мувофиқ, мазкур қонун ҳужжатининг 13 та моддаси бўйича ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий чора кўриш ваколатига эга бўлиб, ўтган йил давомида 4 минг 970 нафар ҳуқуқбузарларга нисбатан 1,2 млрд. сўмлик маъмурий жарима белгиланди, – дейди Б.Абдурахмонов. – Фармоннинг муҳим жиҳати, тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг камерал назорати самарадорлигини ошириш орқали текширишларни ўтказиш сони ва муддатини қисқартиришдадир. Шу мақсадда 2016 йил давомида жами 20 минг 390 та солиқ тўловчиларнинг фаолияти камерал назоратдан ўтказилиб, 13 минг 670 та хўжалик юритувчи субъектларига 82 млрд. 443 млн. сўмлик солиқлар қўшимча ҳисобланди. Бу ўз навбатида, корхона раҳбарига ҳақиқий ҳисоботларни жўнатишда мустақил жавобгарликни кучайтиради.

Йиғилишда Депутатлик гуруҳлари аъзоларига халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг тегишли доимий комиссияси билан ҳамкорликда вилоятда фуқароларнинг тадбиркорлик билан шуғулланиши учун қулай имкониятлар яратиш мақсадида келгусида маъсулларнинг ҳисоботларини Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессиясида эшитиш масалаларини тайёрлаш вазифа этиб белгиланди.

O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши Матбуот хизмати

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг