Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Иқтисод 03/04/2023 36 турдаги товарларга божхона божининг ноль ставкаси белгиланиши нархларга қандай таъсир этди?
36 турдаги товарларга божхона божининг ноль ставкаси белгиланиши нархларга қандай таъсир этди?

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари Ўзбекистонда 36 турдаги товарларга божхона божининг ноль ставкаси белгиланиши нархларга қандай таъсир этганини ўрганди: баъзи нархлар тегишли равишда тушган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023-йил 23-мартдаги ПФ-41-сон Фармони билан 2024-йил 1-январга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда божхона божининг ноль ставкаси қўлланиладиган товарлар рўйхати эълон қилинди. 

Мазкур ҳужжатда кўзда тутилган чора-тадбирларнинг амалиётдаги аксини тадқиқ этиш мақсадида ПМТИ экспертлари нархларнинг ўзгаришини таҳлил қилди.

Таҳлил учун бож тўловчи ва асосан расмий иш юритувчи ҳисоблангани сабабли маҳаллий супермаркетлардаги нархлар асос қилиб олинди. Жумладан, 96 турдаги 3120 та истеъмол товарлари бўйича статистика data-scraping йўли билан юклаб олинди. Ҳар бир товар тури бўйича нархлар февраль ва март ойининг охири учун солиштирилди. 

Натижалар шуни кўрсатадики, божхона тарифларининг туширилиши баъзи нархларнинг тегишли равишда тушишига олиб келган.

Жумладан, шоколад маҳсулотлари ўртача 463 сўмга, сабзавот ва мева консервалари 802 сўмга, гўшт консервалари 1164 сўмга, мол гўшти – 375 сўмга, вафли ширинликлари 415 сўмга, бринза 275 сўмга арзонлашган. 

Шу билан бирга, божхона божлари туширилган бошқа турдаги маҳсулотларнинг нархларида ҳозирча ўзгариш бўлмагани аниқланди. Жумладан, соқол олиш воситалари, ёрмалар, ёгурт, қаймоқ, творог каби сут маҳсулотлари нархи ўзгармаган. Соч ювиш воситалари, чой ва қаҳва, сабзавот, мураббо ва соуслар нархи эса бироз ошган. 

Бундай ҳолат импорт инфляциясининг бождан ташқари омиллари таъсири кучли эканлиги ёки бу маҳсулотлар орасида кўпларига талаб ички ишлаб чиқариш ҳисобига қондирилаётгани билан изоҳланиши мумкин. 

Тегишли равишда, нархлар барқарорлигини таъминлашга қаратилган кейинги чора-тадбирлар рақобат муҳитини ривожлантиришга йўналтирилиши муҳим аҳамият касб этади.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг