Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Хабар берганимиздек, бугун пойтахтимизда ўзбек енгил атлетикаси тарихида илк бор ярим марафон ўтказилди. Халқаро мақомга эга бўлган ушбу йирик спорт тадбирида дунёнинг 28 мамлакатидан 1700 нафарга яқин спортчи иштирок этди.
Юқори савияда ташкил қилинган мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Осиё енгил атлетика федерацияси раҳбари Дахлан Ал Ҳамад ҳам иштирок этиб, юртимизда бундай марафоннинг ташкил қилинаётгани соғлом турмуш тарзи ва ушбу спорт турининг яна бир поғона кўтарилаётганидан далолат эканини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шунингдек, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси номидан Бош котиб Жасур Матчанов ўз фикрларини билдириб ўтди.
“Мусобақа жуда ҳам юқори савияда ташкил қилинмоқда. Бундай марафон спортни севадиган ҳар қандай инсон учун катта байрам. Халқаро ярим марафонни келажакда анъанавий тарзда ташкиллаштирмоқчимиз ва бундай ғоя, ўйлайманки, мухлисларда, аҳолимиз ўртасида янада катта қизиқишга сабаб бўлади”, – деди Жасур Матчанов.
Марафонда ҳаваскорлар қаторида бошқа спорт турларидаги номдор атлетларимиз ҳам ўз омадини синаб кўришди. Жумладан, улар орасида таэквондо бўйича жаҳон чемпиони Дмитрий Шокин, бокс бўйича Осиё ўйинлари чемпиони ва айни пайтда профессионал боксда ёрқин жанглар олиб бораётган Исроил Мадримов каби юлдуз спортчиларимиз ҳам бор.
Натижаларга тўхталиб ўтадиган бўлсак, эркаклар ўртасидаги ярим марафонда марра чизиғини биринчи бўлиб хитойлик спортчи Ли Янг кесиб ўтди.
Аёллар ўртасида эса қирғизистонлик Дарья Маслова биринчи ўринни қўлга киритди. Ҳамюртларимиз Ситора Ҳамидова ҳамда Екатерина Тунгускова мос равишда иккинчи ва учинчи бўлиб финишга етиб келишди.
Тошкент халқаро ярим марафони, эркаклар
Тошкент халқаро ярим марафони, аёллар
Ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувохидов ва Осиё енгил атлетика федерацияси президенти Дахлан Ал Ҳамад иштирок этиб, марафон юқори савияда ташкиллаштирилганини яна бир карра алоҳида таъкидлаб ўтишди. Шундан сўнг эстрадамиз юлдузлари иштирокидаги куй-қўшиқлар йиғилган мухлислар эътиборига ҳавола қилинди.
Ташкилотчилар йиғилган меҳмонлар ва иштирокчиларга “Наврўз” шукуҳини улашиш мақсадида сайл ҳам уюштиришди.
Манба: Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси.