Валюта курслари 29/11/2024
$1 – 12865.05
UZS – 0.13%
€1 – 13550.76
UZS – 0.28%
₽1 – 116.73
UZS – -2.78%
Қидириш
Ўзбекистон 22/04/2022 24 апрел – Тинчлик учун халқаро кўп томонлама муносабатлар ва дипломатия куни
24 апрел – Тинчлик учун халқаро кўп томонлама муносабатлар ва дипломатия куни

XXI асрда илм-фан, ахборот-коммуникация технологиялари шиддат билан ривожланишда давом этар экан, бу жараёнда шахс, жамият ва давлатларга янги имкониятлар ва қулайликлар яратилаётгани жуда муҳимдир. Бинобарин, илм-фан, техника тараққиёти XX асрдан бери шаклланиб келаётган глобаллашув жараёни тезлашишига ҳам олиб келди. 

Ҳозирги замонда халқаро муносабатлар иштирокчилари бўлган давлатларнинг айнан техник ва информацион омилларни ҳисобга олган ҳолда бир-бирига ўзаро боғлиқлиги кучайиб бормоқда. Ўз навбатида, глобаллашув жараёнлари давлатлар учун янги вазифалар, имкониятлар, шу билан бирга, қатор муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда. 

Табиийки, давлатлар олдида пайдо бўлаётган ана шу муаммоларни янги ёндашув – кўп томонлама муносабатлар йўли билан бартараф этиш яхши анъанага айланди. Иқлим ўзгариши, халқаро террорчилик, қашшоқлик, саводсизлик ва халқаро хавфсизликни таъминлаш каби муаммолар халқаро муносабатлар иштирокчилари томонидан кўп томонлама муносабатлар – бирдамлик, ҳамфикрлик ва ўзаро ҳамжиҳатлик асосида ҳал қилиб келинаётгани бу фикримизни яққол тасдиқлайди. 

Шу маънода, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2018 йил 12 декабрдаги A/RES/73/127-сон резолюцияси билан 24 апрель –

“Тинчлик учун халқаро кўп томонлама муносабатлар ва дипломатия куни” сифатида нишонланиши эълон қилингани айни муддао бўлди. Бунда, албатта, сиёсий, мафкуравий ва иқтисодий қарама-қаршиликдан тортиб, диний ёки этник хусусиятларгача эга бўлган турли даража ва мазмундаги можароларни тинч йўл билан ҳал этиш ва тинчлик йўлидаги ҳар қандай ташаббусларни оммалаштириш мақсадидан келиб чиқилди. 

Мазкур санани нишонлаш жамиятни бирлаштириш, низоларни ҳал қилишда дипломатик мулоқотнинг афзаллигини эътироф этиш ҳамда қон тўкилиши, бегуноҳ инсонлар қурбон бўлиши, вайронагарчилик ва бузғунчиликни келтириб чиқарувчи жараёнлар – музокаралар даврасидан бош тортиш ва баҳсли масалаларни куч билан ҳал қилишга уринишларнинг салбий томонларини кўрсатишга хизмат қилади.

БМТ барча аъзо давлатлар ва кузатувчиларни, тизим ташкилотлари ва бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотларни, шунингдек, фуқаролик жамиятини, жумладан нодавлат ташкилотлар ва алоҳида шахсларни ушбу халқаро кунни муносиб нишонлашга чақириб келади. Жумладан, маърифий тадбирлар орқали тинчлик учун кўп томонлама муносабатлар ва дипломатиянинг афзалликларини тарғиб қилишга даъват этади.

Сир эмаски, COVID-19 пандемияси оқибатида бутун дунё бўйлаб чегаралар ёпилишига ва давлатлар, жамиятлар ўртасида ўзаро ажратувчи чоралар қўлланишига гувоҳ бўлдик. Мазкур ҳолат, ўз-ўзидан, халқаро даражадаги ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик муҳим эканини яна бир бор исботлади. 

Пандемия бошланишида давлатлар унга қарши курашишда бирлашиш зарурлигини кам таъкидлаганди. Шундай бўлса-да, кейинчалик давлатлар, фуқаролик жамияти институтлари коронавирусни ўзаро ҳамжиҳатлик асосидагина енгиш мумкинлигини англаб етди. 

Халқаро ҳамжамият олдида турган кенг кўламли вазифалар кўпинча давлатларнинг инсоният келажаги учун юксак масъулияти билан боғлиқ бўлади. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон тинчлик, хавфсизлик ва тараққиёт каби умуминсоний мақсадларга эришиш йўлида халқаро ҳамжамиятнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларига муносиб ҳиссасини қўшиб келаётгани эътиборлидир. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган аниқ таклифлар минтақада ва глобал миқёсда тинчликни мустаҳкамлаш, транзит ва транспорт йўлакларини ривожлантириш соҳаларида ялпи саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга қаратилган. Оролбўйи минтақаси учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик Траст фонди тузилгани бундай интилишлар самарадорлигига ёрқин бир мисолдир.

Шу билан бирга, 2018 йил март ойида Афғонистон бўйича Тошкент халқаро конференцияси ўтказилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Негаки, бунинг натижасида дунё ҳамжамиятининг Афғонистонда давом этаётган қон тўкилишига нисбатан диққат-эътибори тубдан кучайди.

Жорий йил март ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган “БМТ Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режаси доирасида Марказий Осиё мамлакатларининг минтақавий ҳамкорлиги” мавзуидаги конференция ҳам муҳим аҳамият касб этди. Нега деганда, ушбу халқаро анжуман иштирокчилари терроризмга қарши курашда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурлигини ҳамда тинчлик, инсон ҳуқуқлари ва умумбашарий тараққиёт каби қадриятларнинг аҳамиятини

жаҳон жамоатчилигига яна бир бор эслатиш имкониятига эга бўлдилар.

Бир сўз билан айтганда, келажак авлодлар учун янада тинч, хавфсиз ва фаровон ҳаёт йўлида биргаликда ҳаракат қилиш ва келажакдаги глобал зарбаларга чидамлиликни мустаҳкамлаш халқаро ҳамжамиятнинг асосий вазифаси ҳисобланади. Ўз навбатида, бу саъй-ҳаракатларни амалга оширишда кўп томонлама муносабатлар ва дипломатия ўзига хос муҳим ўрин тутади.

Ҳусниддин Холмаматов,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таҳлил ва тадқиқотлар бўлими етакчи мутахассиси

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг