Валюта курслари 13/01/2025
$1 – 12957.00
UZS – 0.13%
€1 – 13345.71
UZS – 0.07%
₽1 – 127.77
UZS – 0.73%
Қидириш
Иқтисод 12/01/2025 2027 йилдан бошлаб Ўзбекистонда пластик пакетлар ишлаб чиқариш, импорт қилиш ва фойдаланиш тақиқланиши мумкин

2027 йилдан бошлаб Ўзбекистонда пластик пакетлар ишлаб чиқариш, импорт қилиш ва фойдаланиш тақиқланиши мумкин

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда 2025−2027 йилларга мўлжалланган Миллий пластик ифлосланишини камайтириш дастурини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда. Бу чора-тадбирлар жорий йил учун давлат дастури лойиҳасида назарда тутилган бўлиб, ҳозирда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.

Асосий чоралардан бири — 2027 йилдан бошлаб пластик пакетлар ишлаб чиқариш, импорт қилиш ва фойдаланишни тақиқлаш, шунингдек, экологик хавфсиз (био-чирийдиган) пакетлардан фойдаланишни рағбатлантиришдир. Шунингдек, пластик маҳсулотларда зарарли кимёвий моддалардан фойдаланишни чеклаш ва қайта ишланган пластикдан фойдаланиш коэффициентларини белгилаш режалаштирилган.

Ҳужжат лойиҳаси 2025 йил сентябрь ойигача тайёрланиб, 2025 йил ноябрь ойига қадар Вазирлар Маҳкамасига киритилиши режалаштирилган.

Шунингдек, президент фармони лойиҳасига мувофиқ, 2025 йил 1 ноябрга қадар пластик қадоқдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилари ва импорт қилувчиларни фантоматлар орқали идишларни қайта йиғиш тизимини ташкил этишга мажбурловчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади. Пластик чиқиндиларни йиғиш ва утиллаш пунктларини яратиш ҳам режалаштирилган.

Фантоматлар йирик савдо нуқталари, супермаркетлар, гипермаркетлар ва бозорларда ўрнатилади. Шунингдек, газсиз ичимликлар ишлаб чиқарувчилар ўз пластик қадоқларининг маълум бир қисмини қайта ишлашга мажбур қилинади: 50% — 2026 йилгача, 75% — 2027 йилгача, 100% — 2028 йилгача.

Ушбу чора-тадбирлар пластик чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини ошириш, полигонларга жўнатиладиган чиқинди ҳажмини камайтириш ва полигонларнинг хизмат муддатини узайтиришга имкон беради.

Ҳозирда 100 дан ортиқ давлат бир марталик пластик пакетларни тўлиқ ёки қисман тақиқлаган бўлиб, 2010—2019 йиллар оралиғида пластикдан воз кечишга қаратилган давлат дастурлари сони уч баробарга ошган.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг