2025–2030 йилларда Ўзбекистон Республикасининг давлат молиясини бошқариш тизимини такомиллаштириш стратегияси қабул қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025–2030 йилларда Ўзбекистон Республикаси давлат молиясини бошқариш тизимини такомиллаштириш стратегияси (кейинги ўринларда - Стратегия) тасдиқланди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 8 апрелдаги 210-сон қарори.
Мазкур Стратегия “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган мақсадларга мувофиқ ҳамда халқаро молия институтлари, хусусан, Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки вакиллари билан ҳамкорликда шакллантирилган.
Бунда, Стратегия Осиё тараққиёт банки, УНДП, УНИСEФ, UN Women ҳамда Франция тараққиёт агентликлари ва бошқа халқаро ҳамкор ташкилотлар томонидан тақдим этилган таклифлар, шунингдек, нафақат иқтисодиёти ривожланган давлатлар, балки молиявий-иқтисодий жиҳатдан тузилмаси ўхшаш давлатларнинг ушбу соҳадаги тажрибалари ўрганилган ҳолда ишлаб чиқилган.
Мазкур Стратегия 5 та устувор йўналиш, 16 та мақсад ҳамда 45 та амалий тадбирлардан ташкил топган бўлиб, давлат молиясини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қуйидаги устувор йўналишлар белгиланган:
1. Буджет интизомини таъминлаш механизмларини кучайтириш;
2. Ўрта муддатли буджетлаштиришда стратегик устуворликни таъминлаш;
3. Давлат харажатлари ва инвестицияларининг самарадорлиги ҳамда натижадорлигини ошириш;
4. Буджетнинг самарали ижросини таъминлаш;
5. Фискал ахборот сифати ва ҳисобдорликни янада ошириш.
Мазкур Стратегияни ишлаб чиқишдан кўзланган мақсад, аввало Давлат молиясини бошқариш соҳасидаги ислоҳотларни тизимлаштириш, шунингдек 2030 йилга қадар буджет интизомини яхшилашга эришиш, ҳисобдорликни такомиллаштириш ва буджет жараёни шаффофлигини ошириш ҳисобланади.