Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда 2025-йил "Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил иқтисодиёт йили" деб эълон қилинди.
Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатасида сўзлаган нутқида бугунги кунда иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари нафақат Ўзбекистонда, балки дунёнинг кўплаб мамлакатларида ҳам сезилаётганини таъкидлади.
“Ҳаво ва сувнинг ифлосланиши, тупроқ эрозияси, чўлланиш, қазиб олинадиган ёқилғидан назоратсиз фойдаланиш глобал исиш, табиий офатларнинг кўпайиши, атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигига жиддий зарар етказмоқда”, — деди президент.
Ушбу муаммоларга жавобан Ўзбекистон уч йил аввал “Яшил макон” умуммиллий ташаббусини илгари сурди, шунингдек, қўшни давлатлар билан биргаликда Минтақавий иқлим стратегиясини амалга оширишга киришди. Бундан ташқари, Тошкентда иқлим ўзгариши ва атроф-муҳитни ўрганишга ихтисослашган Марказий Осиё университети ташкил этилди.
Халқаро майдонда ташаббусларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилмоқда: Ўзбекистон БМТнинг экологик соҳада иккита асосий резолютциясини таклиф қилди. Шу билан бирга, "яшил" энергия аллақачон мамлакат иқтисодий ўсишининг муҳим омилига айланмоқда.
Президентимиз фуқароларнинг фикр ва таклифларини инобатга олиб, 2025-йилни Ўзбекистонда “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил иқтисодиёт йили” деб эълон қилиш орқали бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришни таклиф этди. Йиғилганлар бу ташаббусни тўлиқ қўллаб-қувватладилар.
Ҳукумат жорий йил учун устувор вазифа сифатида белгиланган энг муҳим вазифаларни амалга оширишга қаратилган давлат дастурини ишлаб чиқиши керак.
Бу дастурда “яшил” технологияларни жорий этиш, сувни тежаш, яшил майдонларни кескин кўпайтириш, Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш, чиқиндилар муаммосини ҳал этиш, энг муҳими, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиши лозим.
Давлатимиз раҳбари янги давр Янги Ўзбекистон учун жадал ривожланиш даврига айланишига, тараққиётнинг янада юксак чўққиларини забт этишига ишонч билдирди.
Эслатиб ўтамиз, 2024-йил Ўзбекистонда Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили деб эълон қилинган эди.