Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – 2019 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича давлат буюртмаси тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди.
Ҳужжатга мувофиқ, 2019 йилда 370 мингдан ортиқ янги иш ўринлари ташкил этилади.
Бундан ташқари мавсумий ва вақтинчалик ишларда 182 мингдан ортиқ аҳолининг бандлиги таъминланади.
Давлат буюртмаси доирасида ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахслар учун эса 46 мингдан ортиқ иш ўринлари банд қилиб қўйилади.
Амалга ошириладиган тадбирлар натижасида 2019 йил якунига қадар республика ҳудудидаги мавжуд ишсизлик даражасини ўсишини олдини олиш, айрим ҳудудларда хусусан, Андижон, Жиззах, Самарқанд, Сирдарё, Бухоро, Навоий, Хоразм, Фарғона вилоятларида ишсизлик даражасини камайтиришга эришиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, қарорга мувофиқ қуйидаги мақсадлар учун субсидиялар ажратилиши белгиланди:
иш берувчиларга – аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари йўлланмаси бўйича ишга қабул қилинган ходимларни қайта тайёрлашга қилинган харажатларни қоплаш учун 6 ой давомида ҳар ойда 810 минг сўм миқдорида;
аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказида рўйхатдан ўтган, тадбиркорлик қилишни хоҳловчи ишсиз шахсларга – бизнесни йўлга қўйиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун 2 млн 27 минг сўм миқдорида;
ижтимоий эҳтиёжманд аҳоли қатламларига мансуб шахсларни квоталанган энг кам сондан ортиқ миқдорда ишга қабул қилган ташкилотларга – ҳар бир ходим учун 12 ой давомида ҳар ойда 405 минг сўм миқдорида;
енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш, уруғликлар, кўчатлар ва суғориш воситалари харид қилиш учун – 608 минг сўмдан 2 млн сўмгача бўлган миқдорда.
Манба: Адлия вазирлигининг телеграмдаги “Ҳуқуқий ахборот” канали.