Валюта курслари 27/09/2024
$1 – 12736.48
UZS – -0.17%
€1 – 14193.53
UZS – -0.52%
₽1 – 137.60
UZS – -0.33%
Қидириш
Ўзбекистон 11/12/2017 2018 йилдан Ўзбекистон ва ХХР ўртасида халқаро автомобиль транспорти тўғрисидаги битим кучга киради
2018 йилдан Ўзбекистон ва ХХР ўртасида халқаро автомобиль транспорти тўғрисидаги битим кучга киради
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2018 йил 1 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи доирасида 2017 йил 12 майда имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасида халқаро автомобил транспорти тўғрисидаги битим кучга киради. Бу ҳақда ЎзР ТИВ Матбуот хизмати хабар беради.

Битимнинг 21-моддаси шартларига мувофиқ ҳужжат томонларнинг дипломатик каналлар орқали давлат ичкарисидаги зарурий амаллар бажарилганлиги тўғрисида сўнгги ёзма хабари қабул қилган вақтдан бошлаб 30 кун ўтгач кучга киради. Хитой томонининг тегишли хабари 2017 йилнинг 2 декабрида қабул қилинди.

Битимнинг асосий мақсади икки давлат ўртасида халқаро автомобил ташувларини ва уларнинг ҳудудлари орқали транзит ўтишларни амалга ошириш учун ўзаро мақбул ҳуқуқий шароитларни яратиш ҳисобланади.

Битимга мувофиқ, томонлар икки давлатдан бирида рўйхатдан ўтган транспорт воситалари орқали ваколатли давлат органларининг ўзаро келишуви асосида белгиланган йўналишда халқаро автомобил ташувларини ўз давлатлари ҳудудида амалга ошириш ҳуқуқини берадилар.

Ҳужжатнинг шартларига мувофиқ, икки томонлама ва транзит ташувлар икки мамлакатнинг ваколатли органлари, хусусан, Ўзбекистон автомобил ва дарё транспорти агентлиги ва ХХР Транспорт вазирлиги томонидан берилган рухсатномалар асосида амалга оширилади. Шу мақсадда ваколатли органлар ҳар йили бир-бирига юклар олиб ўтиш учун рухсатнома бланкаларининг ўзаро келишилган миқдорини тақдим қилишади.

Мазкур Битим икки томонлама ҳамкорликни янада ривожланишига ижобий туртки беради, икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайиши учун янги истиқболларни очади ва ўзаро манфаатли ташувлар бозорини шакллантиришга хизмат қилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг