Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Давлат статистика қўмитаси расмий сайтида келтирилган маълумотга кўра, 2018 йилда Ўзбекистон аҳолисининг умумий даромадлари 286,3 трлн сўмни, бир кишига ўртача ҳисоблаганда 8,7 млн сўмни ташкил этди.
Аҳоли умумий даромадларининг реал ўсиш суръати 10,3 фоизни, аҳоли жон бошига умумий даромадлар 8,686 млн сўм, аҳоли жон бошига реал умумий даромадлар эса 7,391 млн сўмни ташкил этди.
Аҳоли жон бошига ўртача умумий даромадлари бўйича Тошкент шаҳрида (16,262 млн сўм) ҳамда Навоий (13,579 млн сўм), Бухоро (10,825 млн сўм), Хоразм (9,146 млн сўм) ва Тошкент (9,076 млн сўм) вилоятларида ўртача республика даражасидан юқори кўрсаткичлар қайд этилгани кузатилди. Аҳоли жон бошига даромадларнинг энг қуйи кўрсаткичлари эса Қорақалпоғистон Республикаси (6,311 млн сўм) ва Наманган вилоятида (6,801 млн сўм) қайд этилди.
Аҳоли умумий даромадининг 71,1 фоизи меҳнат фаолиятидан, 23,5 фоизи эса трансфертлардан иборат бўлди. Шунингдек, мол-мулкдан олинган даромадлар 3,5 фоиз, шахсий истеъмол учун ўзида ишлаб чиқарилган хизматлардан олинган даромадлар 1,8 фоизни ташкил этди.
Мол-мулкдан олинган даромадлар 33,5 фоизга ўсиб, 9,9 трлн сўмга етди. Бунда Тошкент шаҳрининг улуши 69 фоиздан иборат бўлди.
Трансфертлардан олинган даромадлар тузилмасида ижтимоий тўловлар (пенсия, нафақа, стипендия, дотация ва бошқалар) 38,7 фоиз, бошқалар эса (чет эллардан пул ўтказмалари ва бошқалар) 61,3 фоизни ташкил этди.
Пенсия, нафақа ва стипендиялар ҳажмининг ўзгариши аҳоли умумий даромадининг 2,3 фоизга ўсишини таъминлади. Чет элдан пул ўтказмалари ҳажми 64,6 фоизга, уларнинг аҳоли умумий даромадидаги улуши 3 фоизга ошди.