2017–2024 йилларда Ўзбекистонда хизматлар соҳасининг ривожланиши
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Мaҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари томонидан 2017–2024 йилларда Ўзбекистонда хизматлар соҳасининг ривожланишидаги асосий натижалар таҳлил қилинди.
Ўзбекистонда хизматлар соҳаси барқарор ўсиб бораяпти ва у иқтисодиёт, бандлик ҳамда ҳаёт сифати ўсишининг муҳим драйверига айланмоқда. 2024-йилда хизматлар соҳасининг ЯИМдаги улуши 47,4 фоизни (2020-йилда 41,6 фоиз), бандликдаги улуши эса 55,4 фоизни (2017-йилда 49,8 фоиз) ёки 7,9 млн. кишини ташкил этди, хизмат кўрсатувчи корхоналар сони эса 2017-йилдагига нисбатан 1,6 баравар ортиб, 310,8 мингтага етди.
Жаҳон банкининг баҳолашича, 2017–2023 йилларда Ўзбекистонда хизматлар соҳасида қўшилган қийматнинг ўсиш суръати Марказий Осиёда энг юқори бўлди — йилига 6,5 фоиз (таққослаш учун: Қозоғистонда – 2,5 фоиз, Қирғизистон – 3,1 фоиз, Тожикистонда – 5,2 фоиз). Мамлакатда кўрсатилган хизматларнинг умумий ҳажми сўнгги 8 йилда 2,5 баробар ўсди. Ўсиш айниқса, молиявий хизматлар (7,6 баробар), ахборот ва алоқа хизматлари (4,9 баробар), таълим хизматлари (3,2 баробар) каби соҳаларда юқори бўлди.
Халқаро хизматлар жойлашуви индекси (Kearney Global Services Location Index, GSLI 2023) да Ўзбекистон 78 та мамлакат орасида 40-ўринни эгаллади. Унда бизнес учун молиявий жозибадорлиги мамлакатнинг кучли жиҳатларидан бири сифатида баҳоланган.
Рақамлаштириш ва онлайн-хизматларнинг фаол ривожланиши ЯИМда ахборот иқтисодиёти ва электрон савдо улушининг 3,7 фоизгача ўсишида акс этади (2017-йилда – 2,2 фоиз). 2023-йилда электрон тижорат бозорининг ҳажми 1 млрд. АҚШ долларидан ошди.
Рақамли бошқарувнинг етуклик индекси (GTMI, 2024-йил) да Ўзбекистон 43-ўринни эгаллади ва 2020-йилдан буён 37 поғонага кўтарилди.
Электрон иштирок индекси (E-Participation Index) да мамлакат 53-ўринга чиқди, 2022-йилдан бери 2 поғонага кўтарилди ва рақамли хизматлар юқори ривожланган давлатлар гуруҳида қолди (баҳолаш кўрсаткичи — 0,699).
Туристик хизматлар энг тез ўсувчи йўналишлардан бирига айланди. 2017-йилдан буён туристик хизматлар ҳажми 2,1 баробар ошди. 2024-йилда туризм хизматлар соҳасида энг катта улушга эга бўлди (22,4 фоиз). Ўша йили Ўзбекистон 8 млн. сайёҳни қабул қилди ва Марказий Осиёда туристлар оқимининг ўсиши бўйича 1-ўринни эгаллади (йилига 20,1 фоиз).
Туризм ва саёҳатларнинг ривожланиш индекси (Travel & Tourism Development Index, TTDI) да Ўзбекистон 119 та мамлакат орасида 78-ўринни эгаллади ва фақат 2024-йилнинг ўзида 16 поғонага кўтарилди. Мутасаддилар бу ютуқни туризм инфратузилмаси, рақамли хизматлар (онлайн-банд қилиш, виртуал турлар) ва виза расмийлаштириш жараёнларининг соддалаштирилиши (e-visa) билан боғламоқда.
Логистика самарадорлиги индексида (Logistics Performance Index, LPI) да мамлакат 139 та мамлакат орасида 88-ўринни эгаллади, 2018-йилдагига нисбатан 11 поғонага кўтарилди ва МДҲ давлатлари орасида 5-ўринни, Марказий Осиёда эса 2-ўринни эгаллади. Энг катта ўсиш божхона жараёнлари самарадорлиги, халқаро савдодаги логистика занжирларининг интеграция даражаси ва логистика хизматлари сифати бўйича қайд этилган.
2024-йилда хизматлар экспорти 7,2 млрд. АҚШ долларига етди. Бу 2017-йилдагига нисбатан 6 баробар кўп ва мамлакат умумий экспорти ҳажмининг 26,7 фоизини ташкил этади. Хизматлар экспорти таркибида асосий улушни туризм — 3,5 млрд. АҚШ доллари (48,8 фоиз) ва транспорт — 2,6 млрд. АҚШ доллари (35,7 фоиз) ташкил этмоқда.