Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Иқтисод 01/05/2024 2017-2023 йилларда Ўзбекистонда саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 1,4 баробар ошди
2017-2023 йилларда Ўзбекистонда саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 1,4 баробар ошди

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари 2017-2023 йилларда Ўзбекистон ҳудудларида саноатнинг ривожланишидаги ижобий ўзгаришларни таҳлил қилди.

2017-2023 йилларда Ўзбекистонда саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 1,4 баробар ошиб, 2023-йилда 655,8 триллион сўмни ташкил этди.

Мамлакатимизнинг 9 та ҳудуди, жумладан Андижон, Наманган, Хоразм, Жиззах, Тошкент, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрида инвестиция фаоллиги ва маҳаллий ресурсларни қайта ишлаш бўйича ишлаб чиқариш қувватларининг ошиши ҳисобига саноат тармоғининг жадал ўсиши (1,5-2,1 баробар) таъминланди. 

Таҳлил қилинаётган даврда 11 та ҳудудда ЯҲМда саноат улушининг ортиши ҳудудлар иқтисодиётидаги жиддий ўзгаришлардан далолат беради. Шундай қилиб, сезиларли силжишлар Навоий (2018-йилда 54,6% дан 2023-йилда 70,4% га), Жиззах (9,2% дан 16,9% га), Тошкент (40,6% дан 47% га), Андижон (22,4% дан 27,9% га), Бухоро (12,9% дан 18,3% га), Сирдарё (21,3% дан 26,4% га), Хоразм (12,8% дан 15,6% га) ва Наманган (12,6% дан 15,2% га) вилоятларида кузатилди. Натижада, ЯҲМдаги саноат улуши 15% дан паст бўлган ҳудудлар сонини олтитадан биттагача қисқартиришга эришилди.

Мамлакат ишлаб чиқариш саноатидаги таркибий ўзгаришлар ўртача технологик ишлаб чиқариш улушининг 49,1% дан 62,3% га ўсиши билан боғлиқ.

Аксарият ҳудудларда, айниқса Бухоро (47,7% дан 62,2% га), Жиззах (26,3% дан 71,4% га), Қашқадарё (34,3% дан 49% га), Наманган (16,8% дан 24,3% га), Сирдарё (13,2% дан 24,8% га), Хоразм (39,7% дан 49,6% га) вилоятларида шунга ўхшаш натижага кимё, автомобилсозлик ва электротехника саноатининг ривожланиши ҳисобига эришилди.

2023-йил якунига кўра, Тошкент шаҳри (41,2 млн. сўм), Навоий (95,4 млн. сўм), Тошкент (35,0 млн. сўм) вилоятлари билан бир қаторда Андижон вилояти (21,9 млн. сўм) ҳам саноати ривожланган ҳудудлар гуруҳига киритилди. Бу ерда аҳоли жон бошига тўғри келадиган ишлаб чиқариш кўрсаткичи республика кўрсаткичидан (18,0 млн. сўм) юқори бўлди. 2017-2023 йилларда Бухоро (8-ўриндан 6-ўринга), Жиззах (12-ўриндан 7-ўринга), Хоразм (11-ўриндан 8-ўринга) вилоятларининг рейтингдаги ўрни яхшиланди. Бу эса уларнинг ўртача ривожланган ҳудудлар гуруҳига (аҳоли жон бошига ишлаб чиқариш 9-18 млн. сўмни ташкил этади) киришига имкон берди.

"Ўзбекистон – 2030" стратегиясида маҳаллий хом ашё базасидан самарали фойдаланиш ва илғор технологияларни жорий этиш, саноатнинг «драйвер» соҳаларини ривожлантириш ва ҳудудларнинг саноат салоҳиятини тўлиқ ишга солиш кўзда тутилган. Бунда ҳудудлар имкониятидан келиб чиқиб, электротехника, фармацевтика, машинасозлик, кимё, энергетика, биотехнология каби йўналишларга катта эътибор қаратилган бўлиб, ҳудудларда илмий-ишлаб чиқариш кластерлари, «Изланиш ва ривожлантириш» (Р&Д) марказларини ташкил этиш режалаштирилган.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг