Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Mирзиёевнинг Тошкент шаҳри сайловчилари вакиллари билан сайловолди учрашувда барча пенсионерларга Тошкент метрополитени хизматларидан ҳар куни эрталаб соат 10:00 дан соат 16:00 гача бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилиши тўғрисида таъкидланган эди.
2017 йилнинг 23 январь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги 31-сонли қарор қабул қилинди ва унга кўра, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖга қарашли “Тошкент метрополитени” УК, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Молия вазирлигига пенсионерларни қўллаб-қувватлаш юзасидан қўшимча имтиёз яратиш топшириғи берилганди.
Кексаларни эъзозлаш, уларга ғамхўрлик ва эътиборни янада кучайтириш, кекса ёшдаги инсонларнинг мазмунли ҳаёт кечиришлари ва хордиқ чиқаришларини ташкил қилиш тизимини сифат жиҳатидан янги поғонага кўтариш, шаҳар йўловчи транспорти хизматидан фойдаланишда қўшимча қулайликларни яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2017 йил 9 март куни қабул қилинган 128-сонли ва Тошкент шаҳар ҳокимининг шу кундаги 250-сонли “Тошкент метрополитенида пенсионерларга бепул хизмат кўрсатиш тўғрисида”ги қарорларига кўра жорий йилнинг 15 мартидан бошлаб соат 10:00 дан 16:00 га қадар барча пенсионерларга Тошкент метрополитени хизматидан бепул фойдаланиш имконияти яратилди.
Қарорга кўра, метрополитен операторига пенсия гувоҳномаси кўрсатилгандан кейин бир марталик махсус жетон тақдим этилади ва алоҳида ажратилган турникетдан ўтиб кетиш мумкин бўлади, деб хабар беради Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати.