Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2024 йил бошида хорижда ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари сони 1,9 миллион кишини ташкил этган бўлса, ҳозирги кунда уларнинг сони 1,34 миллионгача қисқарди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги маълум қилди.
2024 йил давомида 36 мамлакатдан 240 та йирик иш берувчи билан музокаралар ўтказилди. Натижада, 122 та компания билан ҳамкорлик бўйича келишувлар имзоланди. Фуқароларнинг меҳнат миграциясини таъминлаш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида 26 та ҳукуматлараро ва идоралараро келишувлар тузилди.
Йил бошидан буён хорижда ишлаётганлар сони 1,9 миллиондан 1,34 миллионгача қисқарган бўлса-да, аксарият ҳудудларда хориждан қайтиб келганлар сони ошгани кузатилмоқда. Шунга қарамай, Миграция агентлиги ва хусусий бандлик агентликлари орқали 162 минг фуқаро хорижда иш билан таъминланди. Бу кўрсаткич 2023 йилдагидан 4 баробар кўпроқдир.
2024 йил бошига келиб, агентлик билан ҳамкорлик қилган иш берувчи ва рекрутинг агентликлари сони 384 тага етди. Хорижда ишлаш учун мутахассислар тайёрлаш мақсадида 62,3 минг фуқаро ўқитилди, уларнинг 55,1 минги касбий малака, 7,2 минги эса чет тилларни ўзлаштирди. 2025 йилда 40 минг кишига чет тилларни ўргатиш, 60 минг кишига эса касбий малака бериш режалаштирилган.
Халқаро стандартлар бўйича мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Республикадаги 14 та тиббий техникум базасида Германия стандартлари асосида ўқувлар ташкил этилади. Бу битирувчиларга В2 даражасидаги сертификат ва халқаро дипломларга эга бўлиш имконини беради, бу эса Германияда тиббий соҳада иш топишни анча осонлаштиради.
Бошқа муҳим лойиҳалардан бири Испанияда пайвандлаш бўйича ўқув лабораторияси яратиш ва қурилиш марказларини модернизация қилишдир. Чет эл иш берувчилари билан ҳамкорликда касбий ва тил ўқувлари сони кўпайтирилади. Бу ташаббусларда Германиянинг Simson Private Akademie (металл ишлов бериш, 1 минг ўрин), SHB West (автосервис, 2 минг ўрин), Кореянинг Hyundai ва Samsung (кемасозлик, ҳар бири 1,5 минг ўрин) каби компаниялари иштирок этмоқда. Жами 13 та қўшма ўқув курслари ташкил этилади.
Меҳнат йўналишларини диверсификация қилиш доирасида биринчи марта 10 минг фуқаро Польша, Хорватия, Бельгия, Словакия, Черногория, Болгария, Саудия Арабистони ва Қатар каби мамлакатларда ишга жойлаштирилди.
2024 йилдан бошлаб «Бир иш берувчи — бир ҳудуд» принципи жорий этилди. Бу ҳар бир ҳудудда аниқ бир иш берувчини бириктириш орқали фуқароларнинг харажатларини камайтириш ва иш билан таъминлаш ҳақида маълумот олишни осонлаштиришга ёрдам беради. Иш берувчилар вакиллари билан бевосита учрашувлар ўтказиш орқали бу жараён янада қулайлашади.