Ҳар йили 10 февраль санасида Бутунжаҳон дуккакли дон экинлари куни нишонланади. Ушбу кун БМТ Бош Ассамблеяси томонидан дуккакли дон экинларнинг озуқавий қиймати, барқарор озиқ-овқат тизимларига ўтиш учун аҳамияти сабабли кенг жамоатчилик эътиборини жалб қилиш мақсадида эълон қилинган.
Дуккаклилар дон экинлари - дуккаклилар оиласига мансуб экинлар бўлиб, уларнинг истеъмол қилиш мумкин бўлган донлари озиқ-овқат учун ҳам, озуқа сифатида ҳам ишлатилади. Кўпчиликка маълум бўлган ва кенг истеъмол қилинадиган дуккакли дон экинлари ловия, нўхат ва яшил нўхатдир, аммо дунёда унинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, саломатликни мустаҳкамлаш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва биологик хилма-хилликни сақлашга сезиларли ҳисса қўшадиган бошқа турлари ҳам мавжуд.
Дуккакли дон экинларнинг озиқ-овқат тизимлари ва атроф-муҳит учун аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда, 2023 йилда ушбу ҳалқаро кунни нишонлаш «Дуккакли дон экинлар барқарор келажак учун» мавзусига бағишланган.
Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Глобал Экологик Жамғарма томонидан молиялаштирилаётган ҳамда Ўзбекистон Табиий ресурслар вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Ўзбекистонда озиқ-овқат тизимлари, ердан фойдаланиш ва уни қайта тиклаш таъсирини баҳолаш дастури” лойиҳаси орқали дуккакли дон экинларни ишлаб чиқариш ва истеъмол қилишни кенгайтиришга кўмаклашмоқда.
“Ушбу лойиҳа доирасида Ўзбекистонда дуккакли дон экинлар иштирокида алмашлаб экиш тизимларини жорий этиш режалаштирилган бўлиб, бу агробиохилма-хилликни ошириш, иқлим ўзгариши омилларига қарши курашиш ва экотизим хизматларини сақлашга ёрдам беради. Дуккакли дон экинлари тупроқда азот тўплайди, бу биологик хилма-хиллик ва тупроқ унумдорлигининг ошишига ҳисса қўшади. Алмашлаб экиш тизимларида дуккакли дон экинлардан фойдаланиш минерал ўғитлардан фойдаланиш самарадорлигини оширишга имкон беради ва пировардида қишлоқ аҳолисининг даромадларини оширишга ёрдам беради”, - деб таъкидлади “Ўзбекистонда озиқ-овқат тизимлари, ердан фойдаланиш ва уни қайта тиклаш таъсирини баҳолаш дастури” лойиҳасининг миллий координатори Азиз Нурбеков.
Тошкент Давлат аграр университетида ФАО кўмагида Бутунжаҳон дуккаклилар куни муносабати билан ташкил этилган маърузада шу ва бошқа масалалар муҳокама қилинди. Унда 120 га яқин талабалар ва университетнинг бир қатор профессор ва ўқитувчилари иштирок этди.
Профессор Азиз Нурбеков иштирокчиларга “Дуккакли дон экинларининг озуқавий аҳамияти, ишлаб чиқаришдаги ўрни ҳамда тупроқни ҳимояловчи ва ресурс тежовчи технологиялар” мавзуси бўйича тақдимот қилди. Тадбирда таъкидланганидек, дуккакли дон экинлар барқарор озиқ-овқат тизимлари ва соғлом овқатланишнинг бир қисмидир. Дуккакли дон экинлар узоқ сақланиш муддати билан ажралиб туради, парҳезларнинг хилма-хиллигини оширишга ҳисса қўшади, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотларининг йўқотилиши ва бузилиши ҳажмини камайтиришга ҳисса қўшади.
Кўпчилик дуккакли дон экинларнинг сувга бўлган талаби юқори эмаслиги ва бошқа озиқ-овқат экинларига нисбатан қурғоқчилик ва иқлим билан боғлиқ табиий офатларга чидамли эканлигини ҳисобга олсак, улар сув танқислиги шароитида қишлоқ хўжалиги тизимларининг ташқи омилларга иммунитетини оширишга ва фермерларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга ёрдам беради. Дуккакли дон экинларни турли қишлоқ хўжалиги тизимларига (масалан, агроўрмончилик, йўлдош экинлар экиш ва уйғунлашган деҳқончилик тизимлари) жорий қилиш қишлоқ хўжалиги самаадорлигини ва ушбу соҳадан келадиган даромад манбаларини ташқи омилларга нисбатан
турмушининг ташқи омилларга чидамлилигини оширишга ёрдам беради.