Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – 1 апрел ҳолатига Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сони 8 280 тани ташкил этди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси маълумотларида келтирилган.
Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 465 тага ёки 42,4%га ўсган. Ушбу корхоналарнинг асосий қисми Россия (1532 та), Туркия (982 та), Хитой (1222 та), Қозоғистон (594) ва Корея (689 та) ҳиссаларига тўғри келади.
Хорижий капитал иштирокида фаолият кўрсатаётган корхоналарнинг 4 302 таси қўшма, 3 978 таси эса хорижий корхоналар ҳисобига тўғри келади.
Ҳудудлар кесимида, хорижий капитал иштирокидаги фаолият кўрсатаётган корхоналарнинг асосий қисми Тошкент шаҳрида 5 082 та (жамидаги улуши 61,4%), Тошкент вилоятида 913 та (11,0%) ва Самарқанд вилоятида 430 тани (5,2%) ташкил этган.
Энг кам хорижий капитал иштирокидаги корхоналар Хоразм 81 та (1,0%), Қашқадарё 114 та (1,4%), Сирдарё 117 та (1,4%), Навоий вилоятида 133 та (1,6%) ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси 128 тани (1,5%) ташкил этган.