Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 11-14 декабрь кунлари вазир ўринбосари Акрам Алиев бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги делегацияси Анқара ва Истанбул шаҳарларига ташриф буюриб, Туркия тегишли вазирлик ва идоралари раҳбарлари ҳамда ишбилармон доиралар вакиллари билан учрашувлар ўтказди.
Хусусан, Туркия савдо вазири ўринбосари Мустафа Тузжу, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазири ўринбосари Аҳмед Багчи, Эксимбанк директори Али Гюней ҳамда Kontrolmatik, Anadolu Group, Akgün Grup, Sam Yapi, Fernas Group, Koç, Metallurgy, Asya Modern Serachilik, Sarıkoç Holding, Baktat Gida каби компаниялар раҳбарлари билан музокаралар бўлиб ўтди.
Сўнгги беш йил ичида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 1,3 баробарга ўсиб, 3 миллиард доллардан ошди. Икки давлат иқтисодиётларининг маҳсулотларни ўзаро етказиб бериш ҳажмини сезиларли даражада ошириш имкониятларига эга эканлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилган ҳолда томонлар товар номенклатурасини кенгайтириш, электрон тижоратни кенг қўллаш, товарларга эркин кириш имкониятларини ошириш ва бошқа кўплаб чора-тадбирларни муҳокама қилдилар.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Туркиянинг қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва суғурта тизимини жорий этиш бўйича илғор тажрибасини ўрганиб, амалиётга жорий этади. Шунингдек, халқаро стандартларга мувофиқ ўзбек-турк селекция ва синов марказини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Корхоналар раҳбарлари билан ўтказилган музокараларда соғлиқни сақлаш, электр энергетикаси, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва озиқ-овқат саноати, қурилиш материаллари, кимё маҳсулотлари ва минерал ўғитлар ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда йирик лойиҳаларни амалга оширишга келишилди. Лойиҳани амалга оширишнинг босқичлари, яъни лойиҳадан олдинги ҳужжатларни тайёрлашдан тортиб, объектларни ишга тушириш ва режалаштирилган қувватларга эришишгача бўлган жараёнлар келишиб олинди.
Умуман олганда, Туркиянинг расмий ва ишбилармон доиралари вакилларининг Ўзбекистонда фаолият юритиш ва иккиланмасдан сармоя киритишга тайёрлиги мамлакатимиздаги инвестициявий муҳитига юқори ишонч билан қаралаётганидан далолат беради.