logo
ЎЗ
РУ EN ЎЗ
  • Ўзбекистон
  • Иқтисод
  • Молия
  • Технологиялар
  • Биржалар
  • Маданият
  • Спорт
  • Туризм
ЎЗ
РУ EN ЎЗ

МДҲ миссияси: Ўзбекистонда сайлов кампанияси очиқ рақобат руҳида ўтмоқда

МДҲ миссияси: Ўзбекистонда сайлов кампанияси очиқ рақобат руҳида ўтмоқда

30/11/2016 10:59

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистонда сайловолди ташвиқоти даври қонунчиликка амал қилинган ҳолда ўтказилмоқда, Президентликка номзодларга ўз дастурларини тақдим этиши ҳамда сайловчилар билан учрашувлар ўтказиши учун тенг шароитлар яратилган. Умуман олганда сайлов кампанияси очиқ рақобат руҳида ва юқори ташкилий даражада ўтмоқда.

Бу ҳақда бугун Тошкентда оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ўтказилган брифингда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) кузатувчилар миссияси вакиллари томонидан айтиб ўтилди. Миссия аъзолари мамлакатимизда давом этаётган электорал мавсум ҳақидаги хулоса ва баҳоларини Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан кузатувнинг бориши ҳақидаги оралиқ ҳисоботида (28-ноябрь ҳолатига) баён қилишган. Бунда улар ўз вазифаларини эркин ва мустақил бажараётганини таъкидлади.

Жорий сайлов кампаниясининг барча босқичлари, қонуний асослар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга батафсил тўхталар экан, МДҲ кузатувчилари сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш ишлари уюшқоқлик ва изчиллик билан амалга оширилаётганини таъкидлади.

Миссия аъзоларининг фикрича, округ ва участка сайлов комиссияларининг фаолият кўрсатиши учун зарур шарт-шароитлар яратилган, фуқаролар босма нашрлар, теле ва радиоканаллар орқали сайловга тайёргарликнинг бориши ҳақида хабардор этиб борилмоқда. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш, қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида жорий йилнинг 1-ноябридан Марказий сайлов комиссиясида кеча-кундуз фаолият юритаётган “ишонч телефони” ва электрон почтага алоҳида эътибор қаратилган.

Ўзбекистон сайлов амалиётида биринчи маротаба Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш даврида сайловчилар ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш бўйича тадбирлар дастури қабул қилиниб, босқичма-босқич амалга оширилаётгани кузатувчилар диққатини тортган. Шу мақсадда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирокида семинарлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда.

Оралиқ ҳисоботда Ўзбекистондаги жамоат ташкилотлари давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари билан ижтимоий шерикликда амалга ошираётган кенг миқёсли саъй-ҳаракатлари, хусусан, сайловга доир турли ижтимоий акциялари ўзининг аниқ ифодасини топган.

Миссия аъзолари билдиришича, Марказий сайлов комиссияси сайлов жараёнининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашда оммавий ахборот воситалари имкониятларидан самарали фойдаланмоқда. Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари янгиликлар ва бошқа турдаги ахборот материалларида номзодларнинг сайловолди фаолиятини ёритиш вақти ва ҳажми бўйича бир хил шароит яратмоқда.

Эслатиб ўтамиз, МДҲ кузатувчилар миссияси Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни 17-ноябрдан бошлаб мониторинг қилмоқда. 10 нафар узоқ муддатли ва 60 нафар қисқа муддатли кузатувчидан иборат таркибдаги Миссияга МДҲ Ижроия кенгаши котиби Сергей Лебедев бошчилик қилади.

Сайлов мониторинги жараёнида МДҲ узоқ муддатли кузатувчилари мамлакатимиздаги округ ва участка сайлов комиссиялари фаолияти билан танишди, республиканинг турли ҳудудларидаги 104 та участкада бўлди. Бундан ташқари, 24-ноябрь куни бошланган ва 2-декабрда якунланадиган муддатидан олдин овоз бериш жараёнида ҳам иштирок этди.

Брифингда таъкидланганидек, ўзининг якуний хулоса ва баҳосини Миссия сайлов мониторинги натижалари бўйича якуний ҳужжатида баён этади.

МДҲ кузатувчилари журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтариб, сайлов кампанияси боришини сифатли ва ўз вақтида ёритиб бораётгани учун ОАВ вакилларига миннатдорчилик билдирди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича республика матбуот маркази

Мавзуга оид

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси (МСК) 9-декабрь куни 2016-йилнинг 4-декабрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг якунларини маълум қилди.

09/12/2016

Хитой билан Ўзбекистон самимий ва бир-бирига ишонадиган яқин қўшни, қалин дўст ва ишончли шериклардир. Сиёсий ишонч, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва стратегик шериклик алоқалари мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилган кундан бошлаб муваффақиятли ривожланмоқда.

07/12/2016

Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёев билан Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон ўртасида Туркия томонининг ташаббуси билан 2016-йил 6-декабрь куни телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди.

07/12/2016

Муҳтарам Шавкат Миромонович, Сизга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, Ўзбекистон фаровонлиги йўлида давлат раҳбари сифатидаги масъулиятли фаолиятингизга улкан муваффақиятлар, Ўзбекистон халқига тинчлик ва барқарор тараққиёт тилайман.

07/12/2016

Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёев билан Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ўртасида 2016-йил 6-декабрь куни телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди.

07/12/2016

Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёев билан Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев ўртасида Қозоғистон томонининг ташаббуси билан 2016-йил 5-декабрь куни телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди.

07/12/2016

Охирги янгиликлар

Сирдарёда 5 гектар ерни 40 минг АҚШ долларига сотмоқчи бўлган шахслар ушланди

28/01/2023Батафсил

Асосийси миқдор эмас, балки самарадорлик

28/01/2023Батафсил

Аҳоли сонининг ортиши ижтимоий соҳа ва электр энергияси таъминотига қандай таъсир кўрсатади?

27/01/2023Батафсил

МБ валюта курслари 27/01/2023

$ 1 11320.02 +0.242%
€ 1 12334.29 +0.380%
₽ 1 164.02 +0.098%
Бошка валюталар »
  • Рио-2016
  • Сайлов-2016
logo
  • Гувоҳнома: №0601
  • Берилган санаси: 28.10.2009 йил
  • Муассис: DAILY MEDIA ХК
  • Сайт раҳбари: Умаров Анвар Абрарджанович
  • Таҳририят манзили: 100180, Тошкент шаҳри, Юнусабад 12-27-73
  • Электрон манзил: info@uzdaily.com

Биз хакимизда

  • About Us
  • Condition of Use
  • Privacy Policy
  • Gadgets
  • Advertisement

Социал тармоқлар

  • Facebook

  • Twitter

  • Google+

  • Telegram

© 2007-2022 UzDaily.uz. Ҳамма ҳуқуқлар ҳимояланган. UzDaily.uz интернет-нашри ОАВ сифатида 0601 рақами билан 28.10.2009 й. давлат рўйхатидан ўтган. Ҳамма хизматлар лицензияларга, маҳсулотлар эса сертификатларга эга.

18+